Осиёда ММА нинг ривожланиши Тошкентда муҳокама қилинди.
Осиёда ММА нинг ривожланиши Тошкентда муҳокама қилинди.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон аралаш жанг санъати ассоциацияси президенти Азиз Тошпўлатов ва Осиё ММА ассоциацияси президенти Гордон Танг ўртасида халқаро спорт тадбири доирасида Тошкентда учрашув бўлиб ўтди.
Гордон Танг ММА спорт тури Ўзбекистонда қисқа фурсатда жадал ривожланаётганини ва ўзбек спортчилари дунё ареналарида ўз ўрнини эгаллаётганини алоҳида эътироф этди.
У биргина мисол тариқасида Тошкентда ўтаётган Осиё чемпионатининг ташкилий ишлари, спортчилар ва меҳмонлар учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритар экан Ўзбекистоннинг йирик халқаро турнирларни ўтказишдаги тажрибаси Осиёда ММА спорти ривожига катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Учрашувда маҳаллий ҳакамлар, мураббийлар ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда қитъа миқёсидаги ўқув-машғулот йиғинларини ҳамкорликда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Азиз Ташпулатов юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аралаш жанг санъатлари билан шуғулланувчи ёш иқтидорларни халқаро майдонларга олиб чиқиш борасида давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Учрашув якунида Осиё ва Ўзбекистон ММА ассоциациялари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, келгусида ҳам қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Бу каби ҳамкорлик ўзбек ММА усталарининг жаҳон ареналаридаги мавқейини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.