Спорт

Осиё кубоги 2027 йил декабрь ойига кўчирилди

Осиё кубоги 2027 йил декабрь ойига кўчирилди
Осиё кубоги 2027 йил декабрь ойига кўчирилди / Фото: AFC.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган 2027 йилги футбол бўйича Осиё кубоги мусобақаси кечроқ муддатга кўчирилди. Аввал турнирни 2027 йил 7 январдан 5 февралгача ўтказиш режалаштирилган эди. Янги жадвалга кўра, мусобақа 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январгача бўлиб ўтади. Бу ҳақда 3 ноябрь куни Осиё футбол конфедерацияси (AFC) маълум қилди.

Қарор 2027 йилги Осиё кубогининг маҳаллий ташкилий қўмитаси ва Саудия Арабистони футбол федерацияси (SAFF) билан ўтказилган маслаҳатлашувлар якунлари бўйича қабул қилинди.

AFC изоҳлашича, мусобақани кўчиришга минтақадаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар сабаб бўлган. Қарорга таъсир кўрсатган омиллар қаторида жиддий логистика муаммолари ва транспорт қатновидаги узилишлар қайд этилган.

Конфедерация баҳосига кўра, мусобақани аввал тасдиқланган муддатларда ўтказиш қийинлашган. Ташкилот таъкидлашича, янги жадвал миллий терма жамоалар, расмий шахслар, мухлислар ва турнирнинг бошқа иштирокчилари манфаатларини ҳисобга олиш имконини беради.

Осиё кубогининг янгиланган ўтказилиш саналари тасдиқлаш учун Халқаро футбол федерациясига (FIFA) юборилади.

AFC Саудия Арабистони футбол федерацияси ва маҳаллий ташкилий қўмитага мусобақани ўтказишга содиқлиги учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, конфедерация турнир тақвимидаги ўзгариш оқибатларини имкон қадар камайтириш мақсадида барча иштирокчилар ва ҳамкорлар билан ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.