Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Оксфорд талабалари тил ўрганиш учун Ўзбекистонга келди

Дилафруз Ниязова · 31.08.2026 · 23:40 · 40 views
Оксфорд талабалари тил ўрганиш учун Ўзбекистонга келди
Оксфорд талабалари тил ўрганиш учун Ўзбекистонга келди / Фото: Telegram/SShMirziyoyeva.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Оксфорд университети талабалари учун бир ойлик «Ёзги мактаб» бошланди. Дастур доирасида талабалар ўзбек тилини бевосита тил муҳитида ўрганади, шунингдек, мамлакат маданияти, тарихи ва анъаналари билан танишади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.

Бир ой давомида иштирокчилар тил машғулотларида қатнашади, маданий тадбирлар ва таълимий учрашувларда иштирок этади. Дастур доирасида Тошкент, Самарқанд ва Бухорога сафарлар ҳам кўзда тутилган.

«Ёзги мактаб» 2025 йил октябрь ойида Оксфорд университетининг Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари факультетида расман очилган ўзбекшунослик дастурининг давоми ҳисобланади. Дастурнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этган.

Янги ташаббус Ўзбекистон ва Оксфорд университети ўртасидаги илмий-таълимий алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, халқаро академик муҳитда ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Саида Мирзиёева Оксфордда ўтган йили йўлга қўйилган ўзбекшунослик дастури аллақачон амалий натижалар бераётганини таъкидлади.

«Ўтган йил октябрь ойида бизнинг ташаббусимиз билан Оксфордда бошланган ўзбекшунослик дастури изчил ривожланиб, аллақачон ажойиб амалий натижалар бераётганидан жуда хурсандман», — деди у.

«Ёзги мактаб»да иштирок этиш Оксфорд университети талабаларига нафақат ўзбек тили бўйича билимларини чуқурлаштириш, балки Ўзбекистон, унинг маданияти ва миллий қадриятлари билан бевосита танишиш тажрибасига эга бўлиш имконини бериши кутилмоқда.