7
Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консулхонаси бош консулхонага айлантирилади

Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консулхонаси бош консулхонага айлантирилади
Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консулхонаси бош консулхонага айлантирилади / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Мозори Шариф шаҳрида жойлашган консулхонаси Бош консулхонага айлантирилади. Тегишли фармонни Президент Шавкат Мирзиёев имзолади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев хабар берди.

Қарор икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш ва консуллик хизматлари самарадорлигини оширишга қаратилган.

Омонулла Файзиевнинг сўзларига кўра, дипломатик ваколатхона мақомининг ўзгартирилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини кенгайтириш ҳамда транспорт-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, бу иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш имконини беради.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, консуллик муассасаси мақомининг оширилиши Ўзбекистон фуқаролари ва тадбиркорларининг манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда Ўзбекистон–Афғонистон муносабатларига қўшимча амалий мазмун бағишлайди.

Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси ҳам Бош консулхона мақомига эга.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.