Ўзбекистонлик бизнес делегатсияси Афғонистонга етиб келди
Ўзбекистонлик бизнес делегатсияси Афғонистонга етиб келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги 100 га яқин ўзбекистонлик тадбиркорлар делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида делегация вакиллари Термиз чегара божхона пости орқали Афғонистон ҳудудига етиб келди. Меҳмонларни Балх вилояти раҳбарияти ҳамда Афғонистон Савдо-саноат палатаси вакиллари кутиб олди.
Дастлаб делегация Афғонистон ҳудудида, Ўзбекистон–Афғонистон чегараси яқинида жойлашган “Astras” компаниясига тегишли логистика марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида марказ фаолияти, юкларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда экспорт-импорт операцияларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Ноибобод темир йўл станциясига ташриф буюриб, экспорт-импорт жараёнларида темир йўл орқали юк ташиш хизматлари, логистика механизмлари ва мавжуд инфратузилма имкониятлари ҳақида маълумот олди.
Ташриф дастурининг навбатдаги қисмида делегация Мозори-Шариф шаҳрига етиб келиб, шаҳардаги “Mozori Hotel” савдо марказига ташриф буюрди. У ерда ҳудуддаги савдо инфратузилмаси, тадбиркорлик муҳити ва бизнес юритиш имкониятлари билан танишилди.
Ўзбекистон делегациясининг Афғонистондаги ташрифи давом этмоқда. Ташриф доирасида қатор учрашув ва музокаралар, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.