Ўзбекистонда январь–июль ойларида валютага талаб ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахсларнинг хорижий валютага талаби 2026 йил январь–июль ойларида 38,2 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос давридаги 32,5 млрд долларга нисбатан 17,7 фоизга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Умумий талаб ҳажмининг 30 млрд доллари юридик шахслар, 8,2 млрд доллари эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган.
Ҳисобот даврида хорижий валюта таклифининг умумий ҳажми 7,2 млрд долларга ёки 28 фоизга ошиб, 33 млрд долларга етди. 2025 йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 25,8 млрд доллар бўлган. Бунда аҳоли тижорат банкларига 14,6 млрд доллар миқдорида валюта сотган, юридик шахслар эса 18,4 млрд долларлик валюта маблағларини реализация қилган.
2026 йил январь–июль ойларида валюта айирбошлаш курси АҚШ долларига нисбатан 11 910–12 320 сўм оралиғида ўзгариб турган. Ҳисобот даври якунларига кўра, миллий валюта долларга нисбатан тахминан 0,4 фоизга мустаҳкамланган.
Курснинг ўртача икки томонлама волатиллиги 32 сўм ёки 0,27 фоизни ташкил этган. 2025 йил январь–июль ойларида эса бу кўрсаткич 28,2 сўм ёки 0,22 фоизга тенг бўлган.