Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистонда хизматлар бозори ҳажми 802,4 трлн сўмга етди

Дилафруз Ниязова · 30.08.2026 · 11:50 · 34 views
Ўзбекистонда хизматлар бозори ҳажми 802,4 трлн сўмга етди
Ўзбекистонда хизматлар бозори ҳажми 802,4 трлн сўмга етди / Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил январь–июль ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми жорий нархларда 802 461,9 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал кўрсаткичларда 16,7 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Қўмитанинг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йил январь–июль ойларида хизматлар ҳажми 651 676,9 млрд сўмни ташкил этган ва 2024 йилга нисбатан 13,5 фоизга ўсган. Жорий йилда бозор хизматлари ўсишига энг катта ҳиссани савдо хизматлари қўшган. Ушбу йўналишда ўсиш 15,2 фоизни, ўсишга қўшган ҳиссаси эса 3,9 фоиз пунктни ташкил этган. Молиявий хизматлар 24,5 фоизга ўсиб, 3,6 фоиз пункт ҳисса қўшган. Яшаш ва овқатланиш хизматлари 15 фоизга ўсиб, 2,8 фоиз пункт, транспорт хизматлари эса 14,3 фоизга ўсиб, 2,3 фоиз пункт ҳисса қўшган.

2026 йил январь–июль ойларида кўрсатилган жами бозор хизматларининг 41,4 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда хизматлар ҳажми 332 240,5 млрд сўмни ташкил этиб, реал ўсиш суръати 117,4 фоиз бўлди. Ҳудудлар орасида энг катта хизматлар ҳажми Самарқанд вилоятида 56 487,5 млрд сўм ёки умумий кўрсаткичнинг 7 фоизи, Тошкент вилоятида 53 785,5 млрд сўм ёки 6,7 фоизи ҳамда Фарғона вилоятида 52 295,3 млрд сўм ёки 6,5 фоизи қайд этилди. Пойтахтни ҳисобга олмаганда, ҳудудлар орасида реал ўсишнинг энг юқори суръатлари Сирдарё вилоятида 118,7 фоиз ва Навоий вилоятида 118,5 фоизни ташкил этди.

Республика бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган бозор хизматлари ҳажми 20 909,4 минг сўмни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 17 285,2 минг сўм бўлган. Реал ўсиш суръати 114,6 фоизни ташкил қилди. Аҳоли жон бошига энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилиб, 103 981,1 минг сўмни ташкил этди. Бу 2025 йил январь–июль ойларига нисбатан 18 737,7 минг сўмга кўп. Энг паст кўрсаткич Сурхондарё вилоятида — 8 267,1 минг сўмни ташкил қилди.

Ҳисобот даврида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 451 972,6 млрд сўмга етди. Бу умумий хизматлар ҳажмининг 56,3 фоизини ташкил этади, реал ўсиш суръати эса 117,9 фоиз бўлди. Хизматлар ҳажмида кичик бизнеснинг энг юқори улуши Фарғона вилоятида 76,2 фоиз ва Андижон вилоятида 74,9 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳрида кичик тадбиркорликнинг улуши нисбатан паст бўлиб, 41,9 фоизни ташкил этганига қарамай, ушбу сектор томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми мамлакатда энг юқори бўлди ва 139 236,5 млрд сўмни ташкил этди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича бозор хизматлари таркибида савдо хизматларининг улуши 25,2 фоиз, яшаш ва овқатланиш хизматларининг улуши 18,7 фоиз, молиявий хизматлар 15,7 фоиз, транспорт хизматлари 15,1 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 7,7 фоиз, таълим соҳасидаги хизматлар 3,4 фоизни ташкил этди.

2026 йил январь–июль ойларида савдо хизматлари ҳажми жорий нархларда 35 065,9 млрд сўмга ошиб, 202 007,3 млрд сўмга етди. Унинг таркибида энг катта улушни чакана савдо хизматлари — 41,4 фоиз ташкил этди. Яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 29 478,2 млрд сўмга ошиб, 149 719,2 млрд сўмга етди. Ушбу хизматларнинг 96,6 фоизи озиқ-овқат ва ичимликлар билан таъминлаш хизматларига тўғри келди.

Транспорт хизматлари ҳажми 121 451,6 млрд сўмни ташкил этди. Унинг 52,4 фоизи ёки 63 691,9 млрд сўми автомобиль транспорти хизматлари ҳиссасига тўғри келди.

Молиявий хизматлар ҳажми 30 596,1 млрд сўмга ошиб, 125 805,6 млрд сўмга етди. Уларнинг ўсиш суръати 124,5 фоизни ташкил қилди. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 61 647 млрд сўмга етди. Унда энг катта улуш, яъни 48,5 фоиз компьютер дастурлаш хизматлари ҳиссасига тўғри келди.

Таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 27 241,3 млрд сўмга етди. Унда олий таълим хизматлари 41,2 фоиз улуш билан устунлик қилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 13 865,1 млрд сўмни ташкил этди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотлар дастлабки эканини ва кейинги нашрларда уларга ўзгартишлар киритилиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, 2026 йил январь–март ойлари маълумотларидан бошлаб савдо хизматлари ҳажмини ҳисоблаш методологиясига халқаро экспертлар тавсияларига мувофиқ қайта сотиш учун мўлжалланган товар захираларидаги ўзгаришларни ҳисобга олувчи тузатишлар киритилган.