Ўзбекистон

Ўзбекистонда умра зиёратини ноқонуний ташкил этишнинг икки ҳолати фош этилди

Ўзбекистонда умра зиёратини ноқонуний ташкил этишнинг икки ҳолати фош этилди
Ўзбекистонда умра зиёратини ноқонуний ташкил этишнинг икки ҳолати фош этилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Саудия Арабистонига умра зиёрати сафарларини ноқонуний ташкил этиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Бекобод шаҳрида фаолият юритган турфирма раҳбарининг ноқонуний фаолиятини аниқлади.

Умра сафарларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс уч нафар фуқарони зиёрат учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 3 450 доллар олган. Эркак пулни қабул қилиб олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иккинчи ҳолат Самарқанд шаҳрида аниқланган. Тегишли лицензияга эга бўлмаган турфирма раҳбари тўрт нафар фуқаронинг ишончига кириб, улардан умра сафарини ташкил этиш учун 6 000 доллар олган.

У ҳам пул маблағларини олаётган вақтда ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати умра зиёратини ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибда ва фақат тегишли рухсатномага эга ташкилотлар томонидан амалга оширилиши кераклигини эслатди.

Шунга ўхшаш қонунбузилишларга дуч келган фуқаролардан 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш сўралади. Идора мурожаат қилувчининг шахси махфий сақланишини кафолатлайди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.