Ўзбекистонда OLX’ни сотиб олиш битими шартлар асосида маъқулланди
Ўзбекистонда OLX’ни сотиб олиш битими шартлар асосида маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Tapuz Limited компаниясининг Ўзбекистондаги онлайн эълонлар платформаси OLX оператори ҳисобланган «OLX Classifieds» ХИ МЧЖдаги 100 фоиз улушни сотиб олиш бўйича битимини дастлабки тарзда маъқуллади.
Аризани кўриб чиқиш жараёнида қўмита харидорнинг мулкчилик тузилмасини таҳлил қилди ва Tapuz Limited’нинг асосий акциядори TBC Bank Group PLC эканини аниқлади. Ўзбекистонда мазкур гуруҳ билвосита рақамли TBC Bank Uzbekistan банки ва Payme тўлов хизматига эгалик қилади.
Таҳлил давомида Payme ва OLX рақамли платформалар бозорида устун мавқега эга компаниялар реестрига киритилгани ҳам қайд этилди. Шу билан бирга, қўмита Tapuz Limited мамлакатда онлайн эълонлар бозорида фаолият юритаётган бошқа компанияларда улушга эга эмаслигини аниқлади.
Кўриб чиқиш якунларига кўра, махсус комиссия иқтисодий концентрация бўйича битимни бир қатор мажбурий шартларга риоя қилинган ҳолда маъқуллади. Хусусан, гуруҳга ўз назорати остидаги бошқа рақамли сервислар орқали OLX платформасидан фойдаланиш шартларига асоссиз таъсир кўрсатиш тақиқланди.
Бундан ташқари, компанияга OLX фойдаланувчилари маълумотларидан рақобатни чеклаш ёки TBC Bank Uzbekistan ҳамда Payme учун устунликларга эришиш мақсадида фойдаланиш, шунингдек рақобатчи ташкилотлар мижозларининг шахсий ёки тижорат маълумотларини ошкор қилиш тақиқланди.
Бошқа талаблар қаторида бозорда устун мавқени суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиш ва тўлов усулларини эркин танлаш имкониятини таъминлаш белгиланди. Жумладан, OLX фойдаланувчиларига фақат Payme ёки TBC Bank хизматларини мажбурий тарзда таклиф қилишга йўл қўйилмайди.
Қўмита шунингдек компанияни рақобатчи тўлов тизимлари учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш ва рақобатни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига амал қилишга мажбур қилди.