Ўзбекистонда миллий китобхонлик ҳаракати йўлга қўйилади
Ўзбекистонда миллий китобхонлик ҳаракати йўлга қўйилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Президент фармойиши қабул қилинди.
Фармойишга кўра, 2026 йилдан ҳар йили умумтаълим мактабларида ўқиётган ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий китобхонлик ҳаракати (Дастур) ўтказилади.
Дастур ҳар йили 3 босқичда амалга оширилади.
1-босқич “kitobxonlikharakati.uz” электрон платформасида (платформа) рўйхатдан ўтган ҳолда онлайн, 2- ва 3-босқичлар эса бевосита иштирок этиш форматида вилоят ва республика даражасида ўтказилади.
Дастурда иштирокчилар 3 та ёш тоифасида иштирок этиб, белгиланган тартибда сараланади.
Юқори синф тоифалари (6-8-синф, 9-11-синф) бўйича ғолиб ва совриндорлар қуйидаги миқдорда пул мукофоти ва сертификатлар билан тақдирланади:
1-ўринни олган 2 нафар ғолибнинг ҳар бири 50 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва диплом;
2-ўринни олган 2 нафар совриндорнинг ҳар бири 30 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва диплом;
3-ўринни олган 2 нафар совриндорнинг ҳар бири 15 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва диплом;
5 та қўшимча номинациялар бўйича совриндорларнинг ҳар бири 10 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва диплом.