Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва контракт бўйича ҳарбий хизматга кирувчи фуқаролар наркотик моддалар истеъмоли бўйича текширилади. Тегишли тартиб Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Текширув Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг филиалларида ўтказилади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган фуқаролар ҳарбий-тиббий комиссияга юборилишидан олдин текширувдан ўтиши керак. Контракт бўйича хизматга номзодлар эса ҳарбий-тиббий муассасадаги тиббий кўрикдан олдин текширилади.
Текширув икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда сийдик намунаси экспресс-тест ёрдамида текширилади. Агар натижа ижобий чиқса, сийдик ёки қоннинг масс-спектрометрик таҳлили ўтказилади.
Текширув натижаси ижобий чиққан, шунингдек, биологик намуналарни тақдим этишдан бош тортган фуқаролар ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтказилмайди.
Вазирлик фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва ўтказилган текширувлар натижалари махфий сақланишини таъкидлади.