Ўзбекистон ва Хитой иқтисодий ҳамкорлигини жадаллаштирмоқда
Ўзбекистон ва Хитой иқтисодий ҳамкорлигини жадаллаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 апрель куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Хитой Халқ Республикаси тижорат вазири ўринбосари Лин Сзи билан олий даражадаги келишувлар ижроси ҳамда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
2025 йил якунларига кўра, Хитой билан товар айирбошлаш ҳажми 34 фоизга ўсиб, 17,8 миллиард долларга етди, республикамизда фаолият юритаётган Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 5 258 тага етказилди.
Хитой томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди, шу муносабат билан тегишли Ишчи гуруҳ йиғилишларини ҳар чоракда ўтказиб туришга келишиб олинди.
Томонлар Янги иқтисодий ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тезлаштириш ҳамда “Рақамли ипак йўли” лойиҳаларини ривожлантириш юзасидан якдиллик билдирдилар. Шунингдек, «яшил» минераллар соҳасидаги ҳамкорлик ва Хитой Эксимбанки томонидан Ўзбекистондаги ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларини молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида бўлғуси муҳим тадбирлар, хусусан, 6 май куни Гонконгда ўтадиган бизнес-форум, Ҳукуматлараро қўмитанинг саккизинчи йиғилиши ҳамда 20-22 май кунлари Цианда бўлиб ўтадиган Учинчи ҳудудлараро форумга муносиб тайёргарлик кўриш зарурлиги таъкидланди.