Ўзбекистон ва Сербия парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Сербия парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Сербия Республикаси Халқ йиғилиши Инсон ҳуқуқлари, миллий озчиликлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик қўмитаси ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Александр Маркович бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда мутлақо янги мазмун билан бойиб, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли стратегик аҳамият касб этаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Таъкидланганидек, олий даражада эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат кооперацияси, таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Хакимов меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар сиёсати ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар натижасида парламент ваколатлари кенгайгани ва парламент назорати механизмлари янада кучайтирилгани таъкидланди.
Ўз навбатида, А.Маркович самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини юқори баҳолади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон бугунги кунда халқаро мулоқот ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим майдонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Музокаралар чоғида парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар парламентлар ҳузуридаги дўстлик гуруҳлари, қўмиталар ва эксперт тузилмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент назорати ва қонунчилик фаолиятини рақамлаштириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Айниқса, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, оила институтини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар сиёсати соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан икки мамлакат парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ва экспертлар мулоқотини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар, шунингдек, аёл парламентарийлар ҳамда ёш депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Сербия Республикаси Халқ йиғилиши ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ўзаро ташрифлар географиясини кенгайтириш ва парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.