Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида сармоя ва инфратузилма бўйича 10 та янги икки томонлама битимлар имзоланди

UzDaily · 16.10.2025 · 15:55 · 291 views
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида сармоя ва инфратузилма бўйича 10 та янги икки томонлама битимлар имзоланди

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида сармоя ва инфратузилма бўйича 10 та янги икки томонлама битимлар имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 14 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистон Подшоҳлиги ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғлиши ҳамда Тадбиркорлар кенгашининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ҳамраислигида ўтказилди. Учрашувларда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шохрух Гуламов ҳам иштирок этди.

Йиғилишларда икки давлатнинг давлат органлари ва ишбилармон доираларидан 70 дан ортиқ вакиллар, жумладан, Acwa Power, Al Muhaidib Group, Vision Invest, Al Arkkan, Data Volt, Riyadh Cables, Saudi Tabreed, AlBawani Holding, Miahon каби йирик компаниялар қатнашди.

Музокаралар якунида энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари, туризм, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, инфратузилмавий қурилиш, уй-жой-коммунал ва сув хўжалиги соҳаларида 10 та икки томонлама ҳужжат ва лойиҳа имзоланди.

2024 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 142,4 миллион долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь–август ойларида бу кўрсаткич 111,5 миллион долларга етди. Ҳозирда Ўзбекистонда саудиялик капитал иштирокидаги 27 та корхона фаолият юритмоқда, умумий қиймати 27,2 миллиард долларга тенг 56 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, шундан 2025 йилда 900 миллион доллар ўзлаштирилган.

UzDaily · 👁 291 views · 16.10.2025 · 15:55