Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Санкт-Петербург Самарқандда тил маркази очишга келишиб олдилар

UzDaily · 13.06.2026 · 12:39 · 71 views
Ўзбекистон ва Санкт-Петербург Самарқандда тил маркази очишга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Санкт-Петербург Самарқандда тил маркази очишга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаевнинг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташрифи доирасида Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти ҳукуматлари раҳбарияти, Ташқи алоқалар қўмитаси, Меҳнат ва аҳолини бандлик қўмитаси ҳамда бошқа қатор ихтисослашган ташкилотлар вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувлар давомида Россия томони Ўзбекистон делегациясининг 29-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги иштирокини юқори баҳолаб, мамлакат раҳбарияти ташрифининг Ўзбекистон–Россия иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Томонлар савдо-иқтисодий, инвестисиявий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Сурхондарё вилоятида жойлашган «Айритом» халқаро савдо марказининг қўшма инвестисия ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш учун истиқболли майдон сифатидаги юқори салоҳияти қайд этилди. Шунингдек, Россия томони бўлажак Тошкент халқаро инвестисия форумида иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Халқаро меҳнат миграциясига кўмаклашиш ассоциацияси билан Самарқанд вилоятида рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича тест синовларини ўтказиш марказини очиш ҳақида келишувга эришилди.

“Бронка Групп” ва «Южный» миграция марказлари раҳбарияти Ўзбекистон билан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси, кадрлар тайёрлаш ҳамда фуқароларга хизмат кўрсатиш шарт-шароитларини такомиллаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Музокаралар якунлари бўйича марказларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ватандошларга ахборот кўмагини кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти инсон ҳуқуқлари ҳамда бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, шунингдек Халқаро адвокатлар коллегияси раҳбарияти билан учрашувлар якунлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва тезкор ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга оид келишувларга эришилди.

Ташриф доирасида делегация Ленинград вилояти Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида ҳам бўлиб, у ерда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари учун яратилган шароитлар билан танишди. Муассаса раҳбарияти билан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва фуқароларнинг Ватанга тезроқ қайтарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга консуллик кўмагини кўрсатиш масалалари Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси томонидан доимий назоратда сақланмоқда.

UzDaily · 👁 71 views · 13.06.2026 · 12:39