Ўзбекистон ва Россия сут саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Россия сут саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров Россия Федерациясининг "Логика Молока" компанияси ижрочи директори Александр Тарасов билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш соҳасидаги корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, "Логика Молока" компаниясининг маҳаллий сут ишлаб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари, шунингдек, бундай ҳамкорликнинг турли форматлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар маҳаллий корхоналар қувватларида маҳсулот ишлаб чиқариш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бошқа шериклик механизмларини йўлга қўйиш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Учрашувда Ўзбекистонда фаолият юритаётган сутни қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари, қадоқлаш имкониятлари, мавжуд брендлари, экспорт салоҳияти ва келгусидаги ривожланиш режалари ҳақида ҳам маълумот алмашилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон сутчилик тармоғига илғор тажриба ва инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги агросаноат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.