Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Россия етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар

Ўзбекистон ва Россия етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар
Ўзбекистон ва Россия етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса равнақ тилади.

Владимир Путиннинг замонавий Россияни барпо этишдаги тарихий роли ҳамда Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси қайд этилди.

Ўзаро ҳамкорлик барча йўналишларида жадал ривожланаётгани мамнуният билан таъкидланди. Ўзаро савдо ҳажми, саноат, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда етакчи корхоналар кооперацияси кўлами изчил ортиб бормоқда.

Куни кеча Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ҳудудлар кенгашининг учинчи йиғилиши натижалари юқори баҳоланди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда: яқинда мамлакатимизда “Санъатлар олами” деб номланган Россия санъати фестивали муваффақиятли ўтказилди, айни кунларда эса Москва шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда.

Томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.