Ўзбекистон ва Қирғизистон янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Қирғизистон янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Бишкек шаҳрига хизмат сафари амалга оширилди.
Қирғиз Республикаси ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказилган учрашувларда ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини фаоллаштириш, унинг лойиҳа портфелини кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини молиялаштиришни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, яқин кунларда Бишкек шаҳрида 300 нафарга яқин тадбиркор иштирокида бизнес-форум ўтказишга келишиб олинди.
Саноат қурилиши, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, тўқимачилик, логистика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ташаббуслар кўриб чиқилди. Жумладан, Ўш вилоятида тўқимачилик ва тикувчилик кластери ҳамда саноат-логистика марказини ташкил этиш, чегараолди савдосини ривожлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хизмат сафари якунлари бўйича келишилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан масъул ижрочилар ҳамда кейинги амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.