Иқтисод

Ўзбекистон ва Korea Eximbank кончилик лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Korea Eximbank кончилик лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Korea Eximbank кончилик лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Корея Экспорт-импорт банки (Korea Eximbank) фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.

Музокараларда вазирнинг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ҳамда вазирлик ходимлари иштирок этди. Корея томонидан Korea Eximbank вакиллари, жумладан, Таъминот занжирлари барқарорлиги жамғармаси департаменти директори Чо Ин Гю қатнашди.

Учрашув аввалида Чо Ин Гю банк фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди. Korea Eximbank вакиллари молия ташкилотининг хориждаги лойиҳалари, шу жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ташаббуслари ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Корея томони Ўзбекистон ҳудудида фойдали қазилмаларни қазиб олиш, уларни кейинчалик қайта ишлаш ва Жанубий Корея компаниялари иштирокида экспорт қилиш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқишни таклиф қилди.

Вазирлик вакиллари қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва Корея билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Минерал хомашёни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.