Ўзбекистон ва Жанубий Корея женьшень ва васаби етиштириш технологияларини жорий этади
Ўзбекистон ва Жанубий Корея женьшень ва васаби етиштириш технологияларини жорий этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбарияти бошчилигидаги делегация Корея Республикасида хизмат сафарида бўлди.
Ташриф доирасида ўтказилган “Корея яримороли ва Шимол мамлакатларининг маданияти ва стратегиялари” конференцияси ҳамда “Ўзбек-Корея экспертлар форуми”да Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари томонидан тақдимот ва маърузалар қилинди.
Шу билан бирга, ташриф мобайнида вазирлик вакиллари томонидан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ташкил этилди.
Хусусан, «Шитаке» қўзиқоринлари, женьшень ва васаби ўсимликларини Ўзбекистон шароитида етиштириш, лалмикор ерларни ўзлаштиришга корейс инвесторларини жалб этиш, шунингдек, шоличилик соҳасига замонавий техникаларни жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Кореянинг олий таълим ва илмий ташкилотлари билан Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ҳамда мамлакатимиз университетлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф аграр соҳада инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда янги инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди.