Иқтисод

Ўзбекистон ва Жаҳон банки иссиқлик таъминоти ислоҳотини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки иссиқлик таъминоти ислоҳотини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Жаҳон банки иссиқлик таъминоти ислоҳотини муҳокама қилди / Фото: Қурилиш, уй-жой коммунал хизматлари ва ижтимоий таъминот вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жаҳон банки иссиқлик таъминоти соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, жумладан, барқарор иссиқлик таъминотининг янги дастурини амалга ошириш ва мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва фаровонлик вазирлиги хабар берди.

Учрашув вазир ўринбосари Озода Жўраева раҳбарлигида бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистонда барқарор иссиқлик таъминоти дастурини амалга ошириш учун Глобал экологик жамғарма (GEF) кўмагини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқди.

Музокаралар давомида иссиқлик таъминоти соҳасида ҳукуматнинг мақсад ва устувор вазифалари, шунингдек, янги дастурнинг мамлакатда амалга оширилаётган миллий ислоҳотларга мувофиқлиги ҳам муҳокама қилинди.

«Марказлаштирилган иссиқлик энергияси самарадорлиги» (DHEEP) лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари уни амалга ошириш жараёни, эришилган асосий натижалар, якунлаш муддатлари ва кейинги босқичда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни кўриб чиқди.

Томонлар янги дастур доирасида эришилган натижаларга асосланган молиялаштириш механизмини қўллаш, дастурнинг дастлабки қамрови ва уни амалга ошириш механизмлари бўйича фикр алмашди.

Дастурнинг асосий мақсади аҳолини сифатли ва узлуксиз иссиқлик таъминоти билан таъминлаш, амалдаги инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда энергетика ресурсларидан янада самарали фойдаланиш ҳисобига тегишли хизматлар сифатини оширишдан иборат.

Учрашув якунига кўра, томонлар иссиқлик таъминоти соҳасида ислоҳотларни изчил амалга ошириш, энергия самарадорлигини ошириш ва белгиланган вазифаларни самарали бажариш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.