Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президентининг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига ташрифи доирасида икки мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги тўртта ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Келишувлар уруғлик картошка етиштириш, агробиотехнологиялар, ресурс тежамкор деҳқончилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ветеринария препаратлари ишлаб чиқариш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни назарда тутади.
Келишувлардан бири Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Иорданиянинг Technoseeds компанияси ўртасида тузилди.
Уруғлик картошка етиштириш, агробиотехнологиялар ва инвестиция фаолияти соҳаларида ҳамкорлик қилиш ушбу келишувнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Яна бир ҳужжат Manaseer Trade House компанияси билан имзоланди. Томонлар ресурс тежамкор деҳқончиликни ривожлантириш, жумладан, кимёвий бўлмаган ўғитлардан фойдаланиш ва ем-хашак экинларини етиштиришда ўсимликларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилувчи технологияларни жорий этишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иорданиянинг VAPCO компанияси ва самарқандлик «Samo Farm Servis» МЧЖ ўртасида алоҳида уч томонлама шартнома имзоланди. Лойиҳа доирасида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва ветеринария препаратлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Уни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.
Тўртинчи ҳужжат Иорданиянинг AFICO компанияси ва Ўзбекистоннинг «Berry Valley» МЧЖ ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми бўлди. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларини индивидуал тезкор музлатиш (IQF) технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда. AFICO технологик билимлар билан ўртоқлашиш ва маҳаллий мутахассисларни ўқитишни ўз зиммасига олади.
Ўз навбатида, Berry Valley компанияси Иорданияда плёнкали иссиқхоналарда резавор экинларини етиштириш бўйича тажрибасини тақдим этади.