Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитойнинг China Southern Power Grid компанияси энергияни сақлаш ҳамда электр тармоқларини модернизация қилиш соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев компания раиси Цянь Чаоян билан учрашув якунлари бўйича маълум қилди.
Асосий лойиҳалардан бири Бўстонлиқ туманида қурилиши режалаштирилаётган Юқори Пском гидроаккумуляция электр станцияси (ГАЭС) бўлди.
Станциянинг лойиҳавий қуввати 600 МВтни ташкил этади, дастлабки қиймати эса 1 млрд долларга баҳоланмоқда.
Айни пайтда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланмаси кўриб чиқилмоқда. Фойдаланишга топширилганидан сўнг ГАЭС электр энергиясини тўплайди ва талаб юқори бўлган соатларда уни яна электр тармоғига узатади.
Томонлар Самарқанд вилоятида электр энергиясини аккумулятор тизимлари орқали сақлаш лойиҳасини амалга ошириш имкониятини ҳам кўриб чиқди.
Жамшид Хўжаевнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа бўйича Энергетика вазирлиги билан дастлабки келишувга эришилган.
Музокараларнинг яна бир йўналиши юқори кучланишли электр узатиш линияларини модернизация қилиш бўлди.
Учрашув иштирокчилари ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, интеллектуал электр тармоқлари (smart grid) технологияларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Ушбу технологиялар тақсимлаш тармоқларидаги электр энергияси йўқотишларини камайтириш мақсадида қўлланилиши режалаштирилган.