7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Chaudhary Group инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Chaudhary Group инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Chaudhary Group инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Непалнинг халқаро Chaudhary Group компаниялар гуруҳи иқтисодиётнинг бир нечта тармоғида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг гуруҳ раиси Бинод Чаудхари билан музокаралари 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтди.

Муҳокамаларнинг асосий йўналишларидан бири озиқ-овқат саноати бўлди. Томонлар янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва дистрибьюторлик тармоқларини ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.

Шунингдек, меҳмонхона бизнеси ва девелопмент соҳаларига, жумладан, маҳаллий ҳамкорлар иштирокида меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари энергетика, инфратузилма қурилиши ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги эҳтимолий ҳамкорликни муҳокама қилди.

Музокаралар якунида томонлар устувор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилашга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.