Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Бангкокда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик йиғилишлари доирасида Жаҳон банкининг операцион фаолият масалалари бўйича бошқарувчи директори Анна Бьерде билан учрашув ўтказди.
Томонлар мамлакатнинг янги иқтисодий ўсиш стратегияси ва Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликдаги ривожланиш стратегиясини шакллантириш бўлди. Бозор ислоҳотлари натижасида мамлакат иқтисодиёти йилига ўртача қарийб 6 фоиз ўсди, камбағаллик даражаси эса сезиларли даражада пасайди.
Томонлар кейинги устувор вазифа сифатида кўпроқ сифатли иш ўринларини яратишни белгилади.
Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциациясининг глобал учрашувига тайёргарлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир 2026 йил 5–9 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Унда донор мамлакатлар ва ташкилотнинг имтиёзли молиялаштириш маблағларини олувчи давлатлар вакиллари иштирок этади.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу юқори даражадаги учрашувга мезбонлик қиладиган биринчи мамлакат бўлади.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банкининг молиявий кўмагида умумий қиймати 5,4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 24 та лойиҳани амалга оширмоқда.
Жаҳон банкининг инвестиция портфели ҳажми бўйича Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллайди.