Ўзбекистон ва Австрия солиқ ва виза келишувларини янгилади
Ўзбекистон ва Австрия солиқ ва виза келишувларини янгилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 7 май куни Тошкентда Австрия Республикаси Европа ва халқаро ишлар бўйича федерал вазири Беате Майнл-Райзингер ҳамда Австрия ички ишлар федерал вазири Герхард Карнер билан учрашув ўтказди. Музокаралар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасида сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, шунингдек савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Ҳар икки давлат турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Учрашувда хавфсизлик, миграция, таълим, туризм, яшил энергетика ҳамда маданий-гуманитар алмашинувлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар қўшма ташаббусларни амалга оширишда Австриянинг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб этиш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар Ўзбекистон ва Австрия ўртасида юқори даражадаги алоқаларнинг давоми бўлиб, ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлик мавжудлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов музокаралар якунида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланганини маълум қилди.
Унинг айтишича, томонлар солиққа тортиш, миграция ва дипломатик алоқалар соҳасидаги ҳуқуқий базани янгилаш бўйича келишиб олди. Хусусан, даромад ва мулк бўйича икки карра солиққа тортишни олдини олиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияга ўзгартишлар киритиш бўйича Протокол ва Қўшимча протокол имзоланди.
Бундан ташқари, миграция ва мобиллик соҳасидаги шериклик тўғрисидаги келишув ҳамда дипломатик паспорт эгалари учун виза талабларидан озод этишни назарда тутувчи келишув бўйича ҳам келишувга эришилди.
Саидовнинг сўзларига кўра, ушбу келишувлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ва гуманитар соҳаларда янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун шароит яратади.