Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон фуқароларига Қатарда Ulta Beauty’да иш таклиф этилди

Дилафруз Ниязова · 26.08.2026 · 18:00 · 50 views
Ўзбекистон фуқароларига Қатарда Ulta Beauty’да иш таклиф этилди
Ўзбекистон фуқароларига Қатарда Ulta Beauty’да иш таклиф этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлиги мамлакат фуқароларини Қатардаги Ulta Beauty дўконларида ишлаш учун танлов асосида ишга қабул қилиш бошланганини маълум қилди. Лавозимга қараб таклиф этилаётган ойлик маош 1 450 доллардан 5 500 долларгача. Аризалар 29 августга қадар қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.

Энг юқори маош — дўкон бош директори учун 5 500 доллар. Дўкон бошқарувчиси ўринбосарига 4 000 доллар, мижозлар билан ишлаш бўйича менежерга 3 850 доллар, бўлим менежерига 3 050 доллар, брендлар бўйича таълим мутахассисига эса 2 750 доллар таклиф этилмоқда.

Шунингдек, тери парвариши бўйича мутахассис учун 2 200 доллар, визажист учун 2 300 доллар, косметика бўйича консультант учун 1 900 доллар, визуал мерчандайзинг мутахассиси учун 1 500 доллар ҳамда маникюр ва педикюр мутахассиси учун 1 450 доллар миқдорида маош белгиланган.

Иш берувчи Ўзбекистондан Қатарга авиачипта, иш визасини расмийлаштириш, аэропортдан трансфер, Ватанга бориш ва қайтиш учун авиачипталар, шунингдек, тиббий суғурта харажатларини ўз зиммасига олади.

Бироқ яшаш, овқатланиш ҳамда турар жойдан иш жойигача бўлган транспорт харажатларини номзоднинг ўзи қоплайди.

Танловда 50 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар иштирок этиши мумкин. Номзодлар камида ўрта маълумотга эга бўлиши, инглиз тилини эркин билиши ва тегишли соҳада камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Танловда иштирок этиш учун ёш чегараси 20 ёшдан юқори этиб белгиланган.

Аризани xorijdaish.uz портали орқали топшириш мумкин. Агентлик фуқароларни ушбу ишга жойлашиш имконияти ҳақида қариндошлари ва танишларига ҳам маълумот беришга чақирди.