Ўзбекистон делегацияси Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ инвестиция бизнес форумида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ инвестиция бизнес форумида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бишкек шаҳрида ШҲТнинг «Қирғизистон – Евроосиё юраги» инвестиция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда ташкилотга аъзо мамлакат ҳисобланган давлат органлари, молия институтлари ва ишбилармон доиралардан 600 дан ортиқ делегат қатнашди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Хуррам Тешабаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси форумда фаол иштирок этди. Делегациямиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамкорлар учун кенг имкониятлар очаётганини алоҳида таъкидлаб, ШҲТ маконида транспорт-логистика изчиллигини кучайтириш, рақамлаштириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга чақирди.
Форум доирасида иштирокчилар сунъий интеллект, электрон тижорат, «яшил» трансформация ва логистика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдилар.
Мулоқот натижасида инвестиция агентликлари ўртасида доимий ҳамкорлик майдончасини ташкил этиш тўғрисида қўшма резолюция қабул қилинди. Шунингдек, саноат, инфратузилма ва рақамли технологиялар соҳаларида умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этувчи 12 та келишув имзоланди. Томонлар ўзаро инвестициялар ҳажмини янада оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.