Иқтисод

Ўзбекистон 2030 йилгача логистика тармоғини ривожлантириш режаларини тақдим этди

Ўзбекистон 2030 йилгача логистика тармоғини ривожлантириш режаларини тақдим этди
Ўзбекистон 2030 йилгача логистика тармоғини ривожлантириш режаларини тақдим этди / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон халқаро экспертлар ва инвесторларга транспорт-логистика марказларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда соҳани 2030 йилгача кенгайтириш режаларини тақдим этди.

Тақдимот 30 сентябрь куни Транскаспий транспорт коридори Координация платформаси доирасида ўтказилган иккинчи Миллий конференциянинг махсус сессиясида бўлиб ўтди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов мамлакат логистика тармоғини ривожлантириш бўйича ҳукуматнинг қарашларини тақдим қилди.

Тақдимот давомида логистика соҳасидаги давлат сиёсати, жумладан, транспорт-логистика марказлари ва қуруқ портлар тармоғини кенгайтириш, 2030 йилгача ривожланишнинг стратегик йўналишлари ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берилди.

2021–2026 йилларда Ўзбекистон БМТ ЕСКАТОнинг халқаро аҳамиятга эга қуруқ портлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битимига қўшилди, транспорт-логистика соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқди ҳамда логистика марказларига қўйиладиган намунавий талабларни белгилади.

ЕСКАТО билан ҳамкорликда қуруқ портлар тармоғини ривожлантириш бўйича тадқиқотлар ўтказилди. 2025 йилда мамлакатдаги 80 дан ортиқ логистика объекти белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича текширилди. Натижада 27 та объект талабларга мувофиқ деб топилиб, тегишли реестрга киритилди. Шу билан бирга, 24 та марказ ЕСКАТОнинг «Халқаро аҳамиятга эга қуруқ портлар» рўйхатидан жой олди.

Мамлакатда логистика марказлари фаолиятини баҳолаш ва уларнинг рейтингини шакллантириш амалиёти ҳам жорий этилди.

Айни пайтда умумий майдони 739 гектар бўлган 17 та логистика марказини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг 462 гектари янги лойиҳаларга, яна 277 гектари амалга оширилиши давом этаётган лойиҳаларга тўғри келади.

Бундан ташқари, Хонабод, Янгиўл, Оҳангарон, Олота ва Термиз туманларида ҳар бири 50 гектаргача бўлган ихтисослаштирилган зоналар ва логистика марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Кейинги босқичнинг устувор йўналишларидан бири логистика тизимини рақамлаштириш бўлади. 2030 йилгача барча транспорт-логистика марказларида замонавий TOS, WMS ва ANPR рақамли ечимларини жорий этиш, кейинчалик уларни ягона миллий «E-Logistika» платформасига интеграция қилиш режалаштирилган.

Тақдимотда Ўзбекистонда замонавий 3PL операторларини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

2027 йилда транспорт-логистика марказларини ривожлантириш учун халқаро молия институтларининг 200 миллион доллардан ортиқ имтиёзли кредит маблағларини, шунингдек, Европа Иттифоқининг Global Gateway стратегияси доирасидаги молиялаштиришни жалб этиш режалаштирилмоқда.

Кутилишича, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, мамлакатнинг халқаро транспорт коридорларидаги иштирокини кенгайтириш ва замонавий логистика тармоғини шакллантириш имконини беради.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.