Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасини тартибга солишнинг янги босқичи бошланмоқда. 2026 йилда қабул қилинган ЎРҚ-1154 ва ЎРҚ-1173-сон қонунлар онлайн савдо иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириш, хорижий компанияларни солиққа тортиш, электрон платформалар фаолиятининг шаффофлигини ошириш ҳамда харидорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Янги нормалар электрон савдо платформалари, буюртмалар агрегаторлари, рақамли стриминг хизматлари
ва маркетплейсларда фаолият юритувчи тадбиркорлар учун муҳим ўзгаришларни назарда тутади.
2026 йил 22 июнда қабул қилинган ЎРҚ-1154-сон Қонун билан электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаш ёки тугатиш тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш тартиби жорий этилди. Мазкур тартиб 2026 йил 23 сентябрдан амалга кирди, уни қўллаш механизми эса Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 5 августдаги 24-сон буйруғи билан тасдиқланиб, 19 август куни 3927-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу низом 24 сентябрдан кучга кирди.
2026 йил 10 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-1173-сон Қонун эса электрон тижорат соҳасидаги янада кенг қамровли ўзгаришларни белгилайди. У билан Солиқ кодексига ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Қонун расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 12 декабрдан кучга киради.
Ушбу икки ҳужжатни биргаликда кўриб чиқиш муҳим:
ЎРҚ-1154-сон Қонун электрон тижорат операторлари фаолиятини хабардор қилиш тартибини белгилаган бўлса, ЎРҚ-1173-сон Қонун электрон савдо муносабатларининг мазмуни, солиқ мажбуриятлари, тўловлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларига оид қоидаларни такомиллаштиради.
Ушбу Қонунларнинг асосий йўналишларидан бири – Ўзбекистон истеъмолчиларига электрон шаклда хизмат кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товар сотувчи хорижий юридик шахсларни солиққа тортиш механизмларини такомиллаштиришдир.
Илгари электрон шаклда хизмат кўрсатишга нисбатан қўлланилган айрим солиқ қоидалари энди хорижий компанияларнинг электрон савдо платформалари орқали товар реализация қилишига ҳам татбиқ этилади. Бунда товар реализация қилинган жой Ўзбекистон деб эътироф этилиши учун жисмоний шахс бўлган харидорнинг яшаш жойи ва товар етказиб бериладиган манзил Ўзбекистон ҳудудида бўлиши керак.
Қонунга мувофиқ, тегишли ҳолатларда хорижий юридик шахснинг ўзи ёки ҳисоб-китобларда бевосита иштирок этувчи воситачи солиқ тўловчи ёхуд солиқ агенти сифатида мажбуриятларга эга бўлади. Ўзбекистондаги электрон савдо платформаси оператори хорижий компания фойдасига ҳисоб-китобларни амалга оширса, қонунда белгиланган шартлар асосида солиқ агенти сифатида иштирок этади.
Хорижий юридик шахслар солиқ органида ҳисобга қўйиш ёки ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги аризани тегишли фаолият бошланган ёки тугатилган кундан эътиборан 30 календарь кундан кечиктирмай тақдим этиши керак. Солиқ ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этиш тартиби ҳам белгиланган.
Бу ўзгаришларнинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистон бозорида фаолият юритувчи хорижий электрон савдо компаниялари учун солиқ мажбуриятларини бажаришнинг ҳуқуқий асослари аниқлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, ички бозордаги тадбиркорлар ва хорижий платформалар иштирокидаги савдо операцияларига нисбатан солиқ маъмуриятчилигини мувофиқлаштириш имкониятлари кенгаяди.
Электрон тижорат соҳасидаги яна бир муҳим масала, харидор тўлаган маблағлар, сотувчига ўтказиладиган пул ва платформанинг воситачилик ҳақи ўртасидаги муносабатларни аниқ тартибга солишдир.
ЎРҚ-1173-сон Қонун электрон тижоратда тўловларни амалга ошириш, сотувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш ва “эскроу” хизматидан фойдаланишга оид қоидаларни такомиллаштиради. Эскроу механизми доирасида маблағлар белгиланган шартлар асосида сақланиши ва сотувчи билан харидор ўртасидаги мажбуриятлар бажарилишига боғлиқ равишда ўтказилиши мумкин.
Қонунда назарда тутилган айрим ҳолатларда электрон тижорат оператори сотувчи харидорга пулни қайтаришдан бош тортган тақдирда, сотувчи билан тузилган шартномада белгиланган тартиб асосида маблағни мустақил равишда қайтариш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, қонунда етказиб берилган товарлар учун нақд пул қабул қилиш билан боғлиқ айрим ҳисоб-китоб механизмлари, шу жумладан сотувчига алоҳида банк ҳисобварағи ёки электрон ҳамёндан ўтказилган маблағларга тенг миқдорда нақд пулни инкассация қилмасдан оператор ихтиёрида қолдириш имконияти назарда тутилган.
Шу ўринда бир жиҳатни аниқлаштириш лозим: қонуннинг ушбу қоидаларини барча сотувчилар учун истисносиз алоҳида банк ҳисобварағи очиш мажбурияти сифатида талқин қилиш тўғри эмас. Алоҳида ҳисобварақ ёки электрон ҳамён билан боғлиқ механизмлар тегишли тўлов ва ҳисоб-китоб операциялари доирасида қўлланилади. Уларни амалга ошириш шартлари қонунчилик ва шартномалар билан белгиланади
Янги қоидалар электрон савдо платформалари операторларининг вазифаларини ҳам аниқ белгилайди. Энди операторлар фақат сотувчи ва харидор ўртасидаги техник воситачи сифатида эмас, балки савдо жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашда муҳим иштирокчи сифатида ҳам намоён бўлади.
Жумладан, электрон савдо платформаси операторлари:
лицензияланадиган фаолият билан шуғулланувчи ёки тегишли рухсат ҳужжатлари ва хабарномалар талаб этиладиган фаолиятни амалга оширувчи сотувчиларнинг тегишли ҳужжатларини текшириши;
муомаласи тақиқланган ёки чекланган товарлар, ишлар ва хизматлар реализациясининг олдини олиш чораларини кўриши;
фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари махфийлигини таъминлаши;
тўловларни амалга оширишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этиши;
товар ва хизматларни таклиф қилиш ҳамда тартиблаш алгоритмларининг шаффофлигини таъминлаши;
харидорлар фикр-мулоҳазаларини қолдириш имкониятини яратиши ва уларнинг сақланиши ҳамда ўзгаришсиз қолишини таъминлаши;
фойдаланиш қоидалари, оммавий оферта шартлари ва ошкор этилиши лозим бўлган бошқа маълумотларни платформада жойлаштириши шарт.
Агар платформа оператори фаолиятини тўхтатиш ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини ўзгартириш ниятида бўлса, қонунда белгиланган истиснолардан ташқари ҳолларда бу ҳақда камида 30 кун олдин тегишли платформада эълон бериши керак.
Ушбу талаблар платформаларнинг ички жараёнларини тартибга солиш, сотувчиларнинг қонуний фаолиятини текшириш ва харидорларга тақдим этиладиган ахборотнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Харидор ҳуқуқлари ва операторларнинг жавобгарлиги
Электрон тижоратда харидорнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам қонунчиликда ўз аксини топган. Янги таҳрирдаги қоидаларга кўра, электрон тижорат иштирокчилари ўртасида тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш, шунингдек, сифати лозим даражада бўлмаган товар ёки хизмат билан боғлиқ низоларда асосий жавобгарлик сотувчи зиммасига юкланади.
Бироқ сотувчи харидорнинг қонуний талабларини қаноатлантира олмаган тақдирда, қонунда белгиланган шартлар асосида электрон тижорат оператори субсидиар жавобгарликка тортилиши мумкин. Бунда шартнома шартлари ва қонунчиликда назарда тутилган истиснолар ҳам инобатга олинади.
Бу механизм харидорнинг қонуний талабларини амалга ошириш учун қўшимча ҳуқуқий кафолат яратади. Айни пайтда, операторлардан сотувчилар билан муносабатларни тўғри расмийлаштириш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва низоларни ҳал қилиш тартибларини аниқ белгилаш талаб этилади.
ЎРҚ-1173-сон Қонун рақамли маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишнинг айрим хусусиятларини ҳам белгилайди.
Рақамли маҳсулотлар моддий ташувчиларда божхона чегараси орқали олиб ўтилганда, уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бироқ интернет орқали рақамли тарқатиш усули билан экспорт ёки импорт қилинадиган рақамли маҳсулотларга нисбатан божхона расмийлаштируви амалга оширилмайди.
Шунингдек, рақамли маҳсулотларни хорижий электрон савдо платформалари орқали экспорт қилишда валюта тушумининг келиб тушиши тартиби аниқлаштирилган. Экспортдан олинган тушум хорижий платформанинг рақамли маҳсулотни сотиш бўйича хизмат ҳақи чегирилган ҳолда экспортчининг ҳисобварағига ўтказилади. Тушумнинг келиб тушиш муддати хорижий платформа қоидаларига мувофиқ белгиланади.
Ушбу нормалар дастурий маҳсулотлар, рақамли контент ва бошқа рақамли хизматларни халқаро бозорларга олиб чиқувчи тадбиркорлар учун ҳуқуқий аниқликни оширишга қаратилган.
Хабардор қилиш тартиби: операторлар нималарга эътибор бериши керак?
ЎРҚ-1154-сон Қонун билан жорий этилган хабардор қилиш тартиби электрон савдо платформалари, буюртмалар агрегаторлари ва рақамли стриминг хизматлари операторлари учун алоҳида аҳамиятга эга.
Агентликнинг расмий ахборотига кўра, тегишли операторлар Агентликнинг reg.napp.uz ахборот тизими орқали белгиланган тартибда хабарнома юбориши лозим. Хабардор қилиш тартиби фаолиятни бошлаш ёки тугатиш билан боғлиқ жараёнларни тизимлаштириш ва соҳадаги иштирокчилар ҳақидаги маълумотларни шакллантириш имконини беради.
Операторлар ўз фаолиятининг турини тўғри аниқлаши, талаб этиладиган маълумот ва ҳужжатларни тайёрлаши, шунингдек, фаолиятни амалга ошириш жараёнида қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этиши зарур.
Бунда хабардор қилиш тартибини лицензиялаш билан тенглаштирмаслик керак: мазкур механизм қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун хабарнома беришга асосланади.
ЎРҚ-1154 ва ЎРҚ-1173-сон қонунлар электрон тижорат соҳасини ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қаратилган ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни белгилайди. Биринчи қонун операторлар фаолиятини хабардор қилиш механизмларини жорий этса, иккинчи қонун солиққа тортиш, тўловлар, рақамли маҳсулотлар, платформаларнинг мажбуриятлари ва харидорлар ҳуқуқларига оид муносабатларни кенгроқ қамраб олади.
Ушбу ўзгаришлардан кўзланган мақсад – электрон савдо жараёнларининг шаффофлигини ошириш, бозор иштирокчилари учун аниқ қоидаларни белгилаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишдир. Янги нормаларнинг амалиётда самарали қўлланилиши эса операторлар, сотувчилар, тўлов хизматлари провайдерлари ва ваколатли давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликка боғлиқ бўлади.
2026 йил 12 декабрдан кучга кирадиган ЎРҚ-1173-сон Қонун электрон тижорат иштирокчилари учун ўз ички жараёнлари, шартномалари, солиқ мажбуриятлари ва ахборот хавфсизлиги талабларини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтиради. Шу тариқа, электрон тижорат соҳасидаги янги ҳуқуқий ёндашув рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва онлайн савдога бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади.