Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўмон ва Ўзбекистон ўртасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди

UzDaily · 23.10.2025 · 12:00 · 353 views
Ўмон ва Ўзбекистон ўртасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди

Ўмон ва Ўзбекистон ўртасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Funun Hospitality and Project Management LLC компанияси бошқарув кенгаши раиси Сиҳам бинт Аҳмад ал-Ҳарсия раҳбарлигидаги Ўмон Султонлиги ишбилармон аёллар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилмоқда.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова ва раис маслаҳатчиси Алишер Шайхов билан учрашдилар.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Хусусан, мамлакатимизда Ислом молияси тизимини ривожлантириш, шу жумладан краудфандинг (crowdfunding) механизмларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Краудфандинг — бу оммавий инвестиция тизими бўлиб, унда кўплаб иштирокчилар (асосан интернет орқали) кичик маблағлар тўплаб, муайян бизнес ёки ижтимоий лойиҳани молиялаштиришда иштирок этадилар.

Ўмон томони мазкур йўналишдаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш, шунингдек, Ўзбекистонда краудфандинг маданиятини шакллантириш ва амалиётга жорий этиш бўйича ташаббусни илгари сурди.

Шунингдек, учрашувда қурилиш, тиббиёт ва туризм соҳаларида тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни ривожлантириш ва икки мамлакат аёл тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

UzDaily · 👁 353 views · 23.10.2025 · 12:00