Наманган ва Хитойнинг Linyi ўртасида “Келажак” саноат зонаси масаласи муҳокама қилинди
Наманган ва Хитойнинг Linyi ўртасида “Келажак” саноат зонаси масаласи муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган шаҳридаги «Маърифат маскани» да Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Хитой Халқ Республикасининг Шаньдун провинцияси, Линьи шаҳридан ташриф буюрган инвестор “LINYI LANSHAN INDUSTRIAL DEVELOPMENT GROUP” раҳбари Zhu Chao билан учрашув ўтказди.
Хитойлик тадбиркор томонидан Наманган вилоятида хорижий инвесторларга хизмат кўрсатиш маркази ва йирик саноат зонасини ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар тақдим этилди. Лойиҳа доирасида 100 гектар ер майдонида "Келажак" деб номланган замонавий саноат ҳудуди барпо этилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур марказ хорижий инвесторларни қабул қилиш, улар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш, давлат ташкилотлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда тадбиркорларга амалий кўмак бериш вазифасини бажаради.
Вилоят ҳокими хорижий инвесторлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.
Музокаралар чоғида Наманган вилояти ҳамда Линьи шаҳри ўртасида ҳамдўст ҳудудлар меморандумини имзолаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ушбу меморандум бўйича ўзаро келишувга эришди.
Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Линьи шаҳри мэрининг Наманган вилоятига расмий ташрифи кутилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик Наманган вилояти иқтисодиётига хорижий инвестициялар оқимини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.