Мирзиёев Хитойдаги портлаш юзасидан таъзия билдирди

Мирзиёев Хитойдаги портлаш юзасидан таъзия билдирди

Мирзиёев Хитойдаги портлаш юзасидан таъзия билдирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Хитойнинг Хунань вилоятидаги саноат корхонасида юз берган портлашнинг фожиали оқибатлари муносабати билан таъзия йўллади. Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга тезроқ соғайиш тилади.

Хитой давлат оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, портлаш душанба куни маҳаллий вақт билан соат 16:40 атрофида Люян шаҳридаги «Хуашэн» пиротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводида содир бўлган.

Ҳокимият маълумотларига кўра, қидирув-қутқарув ишларини амалга ошириш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун тахминан 1,5 минг нафар киши жалб қилинган. Амалиёт давомида вайроналар остида қолганларни излаш учун роботлардан фойдаланилган ва дастлабки маълумотларга кўра, етти нафар инсонни қутқаришга муваффақ бўлинган.

Қайд этилишича, корхона ҳудудида порох сақланадиган иккита омбор бўлгани қутқарув ишларини юқори хавф даражаси сабабли мураккаблаштирган. Шунингдек, ҳокимият органлари ҳодиса жойидан уч километр радиусда аҳолини эвакуация қилишни ташкил этган.

CCTV телеканали аниқлаштирган маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 26 нафар киши ҳалок бўлган, яна 61 нафар жабрланган. Қутқарув ишлари ва ҳодиса сабабларини ўрганиш давом этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг