Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мирзиёев ва Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди

Беҳзод Ҳожиматов · 10.10.2016 · 11:18 · 353 views
Мирзиёев ва Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди
Мирзиёев ва Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 7-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари Россия Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятига муваффақиятлар, Россия халқига тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилади.

Ўзбекистонда Владимир Путиннинг мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси юксак қадрланади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича турли даражада Ўзбекистон – Россия мулоқотлари фаоллашаётганини мамнуният билан таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўзаро ҳамкорликка доир бошқа қатор масалалар ва айрим халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.