Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга расмий ташрифга таклиф қилди

UzDaily · 15.06.2026 · 09:12 · 26 views
Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга расмий ташрифга таклиф қилди

Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга расмий ташрифга таклиф қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампни туғилган куни муносабати билан табрик йўллади. Табрик мактубида ўзбек-америка муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари қайд этилди, шунингдек, Америка раҳбари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этилди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий манфаатларга асосланган муносабатлар кейинги йилларда изчил мустаҳкамланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг сўзларига кўра, бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам тус олган бўлиб, тобора амалий йўналиш касб этмоқда. Мирзиёев Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлари билан кўп қиррали стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришдан, жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Мактубда Дональд Трампнинг тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларига ҳам юқори баҳо берилган. Ўзбекистон раҳбари икки давлатнинг халқаро ва минтақавий майдонлардаги ҳамкорлиги келгусида ҳам аниқ амалий натижалар билан бойиб боришига ишонч билдирди.

Икки томонлама стратегик ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди. Таъкидланишича, ушбу ташриф Америка президентининг мамлакатга амалга оширадиган тарихдаги биринчи расмий ташрифи бўлиши мумкин.

UzDaily · 👁 26 views · 15.06.2026 · 09:12