Мирзиёев маданият аҳли учун янги имтиёзларни эълон қилди
Мирзиёев маданият аҳли учун янги имтиёзларни эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳаси ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими кенгайтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ижодий зиёлилар вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
Эълон қилинган чораларга кўра, ҳар йили 1 минг нафар шоир, ёзувчи, маданият арбоби, музей ходими ва рассомга уй-жой харид қилиш учун ипотека кредити расмийлаштирилганда бошланғич бадалнинг 50 фоизи қоплаб берилади.
Уй-жой ижараси учун компенсация
Президент маданий ташкилотлар ва муассасаларда бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган мутахассислар фаолият юритаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан жорий даврдан бошлаб уларнинг уй-жой ижараси харажатлари қоплаб берилади.
Тошкент шаҳрида ижара тўлови учун ойига 2,5 миллион сўмгача, ҳудудларда эса ойига 1,6 миллион сўмгача компенсация ажратилади.
Тиббий ва ижтимоий имтиёзлар
Ҳар йили юқори натижаларга эришган 1 минг нафар маданият соҳаси ходими Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволаниш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, яна 2 минг нафар ижодкор тиббий суғурта билан таъминланади. Камида 10 йил меҳнат стажига эга ходимларга санаторийларга бепул йўлланмалар берилади.
Қўшимча қилинишича, 15 июндан бошлаб «Халқ артисти», «Халқ шоири» ва «Халқ ёзувчиси» каби фахрий унвонларга эга ижодкорлар аэропортлар ва темир йўл вокзалларидаги VIP-заллардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
#Шавкат Мирзиёев