Ўзбекистон

Мирзиёев Балиқчида спорт анжомлари ишлаб чиқаришни кўздан кечирди

Мирзиёев Балиқчида спорт анжомлари ишлаб чиқаришни кўздан кечирди
Мирзиёев Балиқчида спорт анжомлари ишлаб чиқаришни кўздан кечирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Балиқчи туманидаги “Сокин савдо сервис” паррандачилик кластери фаолияти билан танишди.

Парранда гўшти парҳезбоплиги ва ҳамёнбоплиги билан аҳоли рационида муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда йирик паррандачилик мажмуаларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бозорни сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур паррандачилик кластерига 2010 йилда асос солинган. Бугунги кунда унинг Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та хўжалиги мавжуд. Тошкент вилоятидаги корхонада эса паррандалар учун озуқа ишлаб чиқарилади.

Кластерда озуқа тайёрлаш, парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчига етказиб беришни қамраб олган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилган. Гўштни қайта ишлаш мажмуаси автоматлаштирилган бўлиб, юқори гигиеник талабларга жавоб беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади. Кластерда 417 нафар киши меҳнат қилмоқда.

Айни пайтда мажмуада 1,5 миллион дона бройлер товуғи парваришланмоқда. Йилига 8,2 миллион дона бройлер боқиш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш имконияти мавжуд.

Мажмуада йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш қувватлари яратилган. Маҳсулотлар “Ҳалол”, HACCP ва ISO стандартлари асосида ишлаб чиқарилади.

Жорий йил бошидан кластерда наслчилик йўналиши ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда 25 минг дона наслли она товуқ парваришланиб, йилига 9 миллион дона тухумдан 7,6 миллион дона бройлер жўжа олиш режалаштирилган.

2027 йил якунига қадар парранда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган рендеринг линияси ишга туширилади ҳамда парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Ушбу икки лойиҳага 10 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, фаолияти тўхтаб қолган ёки молиявий қийинчиликка дуч келган паррандачилик хўжаликларини кластер билан ягона кооперация тизимига бирлаштириш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус 350-400 та иш ўрнини қайта тиклаш ва қўшимча 1,7 миллион дона парранда етиштириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарига кластердаги ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар ва истиқболда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.