Иқтисод

Минск вилояти делегацияси Фарғона корхоналарига ташриф буюрди

Минск вилояти делегацияси Фарғона корхоналарига ташриф буюрди
Минск вилояти делегацияси Фарғона корхоналарига ташриф буюрди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусьнинг Минск вилояти делегацияси вилоят ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко бошчилигида Фарғона вилоятига амалий ташриф доирасида йирик саноат корхоналари фаолияти ва ҳудуднинг инвестиция инфратузилмаси билан танишди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Беларусь делегациясига Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ҳамроҳлик қилди.

Ташриф доирасида Минск вилояти вакиллари «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиали ҳудудида жойлашган корхоналарга борди. Меҳмонларга компаниялар фаолияти ва амалга оширилаётган ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, делегация керамогранит плиталар ишлаб чиқарадиган «Crown Ceramic» қўшма корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Шунингдек, Беларусь вакиллари «Marwin Fruitline» МЧЖга ташриф буюриб, уларга меваларни қайта ишлаш ва табиий концентрланган шарбат ишлаб чиқариш лойиҳаси намойиш этилди.

Делегацияга автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Hansae Mobility Turan» корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам алоҳида кўрсатилди. Лойиҳага 30 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция йўналтирилган, 150 та иш ўрни яратилган.

Дастурнинг навбатдаги манзили Фарғона шаҳридаги кўргазма мажмуаси — «Фарғона Экспо» инвесторларга хизмат кўрсатиш маркази бўлди. Беларусь томони вакилларига марказнинг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.