Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Марокаш жаҳон чемпионатида илк чорак финалчи бўлди

UzDaily таҳририяти · 05.07.2026 · 11:18 · 30 views
Марокаш жаҳон чемпионатида илк чорак финалчи бўлди

Марокаш жаҳон чемпионатида илк чорак финалчи бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марокаш миллий терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиққан биринчи жамоага айланди. Жамоа 1/8 финал баҳсида Канада устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Учрашув Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтди.

Марокашликларга ғалабани Аззедин Унаининг 50 ва 82-дақиқаларда урган икки голи ҳамда иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтда Суфьян Раҳими киритган тўп таъминлади.

Чорак финалда Марокаш Франция ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги баҳс ғолиби билан куч синашади. Ярим финал йўлланмаси учун учрашув 9 июль куни бўлиб ўтади.

Мазкур ўйин ноодатий статистик кўрсаткич билан ҳам ёдда қолди. Биринчи бўлимда ҳакам футболчиларга олтита сариқ карточка кўрсатган бўлса, жамоалар дарвоза томон атиги бешта зарба берди. Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор бир тайм давомида огоҳлантиришлар сони дарвозага берилган зарбалар сонидан ошиб кетди.

Канада терма жамоаси учун жорий жаҳон чемпионати турнирдаги иштироклари тарихидаги энг муваффақиятли натижа бўлди. Аввалги жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган Марокаш эса чемпионлик учун курашни давом эттирмоқда.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилмоқда ва 19 июль куни якунланади. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.