Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Марказий Осиё-Хитой шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун маъқулланди

UzDaily таҳририяти · 02.07.2026 · 10:20 · 20 views
Марказий Осиё-Хитой шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун маъқулланди

Марказий Осиё-Хитой шартномасини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун маъқулланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани (Остона, 2025 йил 17 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси 2025 йилда 17 июнь куни Остона шаҳрида давлат раҳбарлари томонидан имзоланган бўлиб, у “Марказий Осиё – Хитой” формати давлатлари ўртасида имзоланган биринчи халқаро шартнома ҳисобланади.

Шартнома муқаддима ва 15 та моддадан иборат бўлиб, у давлатлараро кўп томонлама халқаро шартнома ҳисобланади. Шартнома Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида кўп томонлама алоқаларнинг умумий ҳуқуқий асосини, ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаб беради.

Унга кўра, томонлар халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқ, мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро ҳурмат қилиш, ўзаро ҳужум қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли барқарор алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисида келишиб олишган.

Ушбу шартномага мувофиқ, томонлар сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишга катта аҳамият беради, барча даражадаги учрашувлар механизмидан, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги муносабатлар, томонларни қизиқтирган глобал ва минтақавий масалалар бўйича позицияларни мунтазам алмашиш ҳамда мувофиқлаштириш учун олий ва юқори даражадаги ташрифлар механизмидан фойдаланади.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги шериклик муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо, инвестиция, технологик ва маданий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.