Ўзбекистонда биринчи синфга ҳужжат қабул қилиш бошланди
Ўзбекистонда биринчи синфга ҳужжат қабул қилиш бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 20 июндан 2026/2027 ўқув йили учун биринчи синфга ҳужжатларни онлайн қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ота-оналар аризаларни my.maktab.uz портали орқали, шунингдек my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали воситасида топширишлари мумкин.
Ҳужжатлар қабули икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 20 июндан 31 июлгача давом этади. Бу даврда болаларни яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудудлар доирасидаги мактабларга қабул қилиш учун аризалар қабул қилинади.
Иккинчи босқич 1 августдан 31 августгача ўтказилади. Ушбу даврда бириктирилган микроҳудуддан ташқарида яшовчи болалар учун аризалар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Болаларни мактабга қабул қилиш жараёни давлат электрон платформалари орқали тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилган.