Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Маданият

Марғилонда «Марғилон атласи ва адраси» фестивали ўтказилади

Дилафруз Ниязова · 05.09.2026 · 16:10 · 38 views
Марғилонда «Марғилон атласи ва адраси» фестивали ўтказилади
Марғилонда «Марғилон атласи ва адраси» фестивали ўтказилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17–19 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида миллий ҳунармандчилик ва анъанавий атлас ҳамда адрас матоларининг ўзига хос гўзаллигига бағишланган «Марғилон атласи ва адраси» фестивали бўлиб ўтади.

Фестиваль «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва сайёҳлик мажмуаси — «Фарғона водийсининг дурдонаси» ҳудудида ўтказилади.

Уч кун давомида меҳмонлар Марғилоннинг бой маданий мероси, миллий ҳунармандчилик анъаналари, шунингдек, ипакчилик ва тўқимачилик соҳасида шаклланган кўп асрлик тажриба билан танишиш имконига эга бўлади.

Фестиваль дастуридан миллий атлас ва адрас матолари намуналарининг намойиши, миллий либослар кўргазмаси, анъанавий ҳунармандчиликка бағишланган тақдимотлар, шунингдек, Марғилоннинг ўзига хос маданий меросини оммалаштиришга қаратилган тадбирлар ўрин олган.

Марғилон атласи ва адраси нафақат миллий тўқимачилик санъатининг муҳим қисми, балки ўзбек халқининг анъаналари ва бой маданий меросини ўзида акс эттирувчи ноёб ҳунармандчилик намунаси ҳам ҳисобланади.

«Марғилон атласи ва адраси» фестивали миллий қадриятларни асраб-авайлаш, анъанавий ҳунармандчиликни оммалаштириш ва Марғилоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Ташкилотчилар барча хоҳловчиларни миллий санъат ва ҳунармандчилик, атлас ва адраснинг ёрқин намуналари ҳамда Марғилоннинг бой маданий муҳитини бирлаштирадиган фестивалда иштирок этишга таклиф қилмоқда.