Маданият

Маданият ва санъат соҳасида бошқарув такомиллаштирилади

Маданият ва санъат соҳасида бошқарув такомиллаштирилади
Маданият ва санъат соҳасида бошқарув такомиллаштирилади / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари қуйидаги шаклларда трансформация қилинади:

Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари фаолияти номоддий маданий меросни тарғиб қилиш, ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, шунингдек, технология, муҳандислик, ҳунармандчилик ва бошқа янги йўналишларда йўлга қўйилади;

туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимига ўтказилади;

хусусий инвестицияларни жалб этиш ва (ёки) илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида фаолияти йўлга қўйилади;

ресурслардан оқилона фойдаланиш учун самарасиз маданият марказлари фаолияти мақбуллаштирилади.

2026 йил 1 июлдан “Тумор” давлат рақс ансамбли” давлат муассасаси ташкил этилади.

Маданият бўлимлари Маданият вазирлиги томонидан юритиладиган рейтинг натижалари асосида рағбатлантирилади. Бунда:

рейтинг 2027 йилдан бошлаб ҳар йилнинг якуни бўйича юритилади ҳамда унда маданий тадбирларга аҳоли қамрови ва миллий қадриятларни асраш билан боғлиқ кўрсаткичларга устуворлик берилади;

рейтингда энг юқори ўринни эгаллаган маданият бўлимлари Давлат бюджети ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

2026/2027 ўқув йилидан Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Республика эстрада ва цирк техникумида:

2 йиллик бошланғич касбий таълим, 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатда ўрта касбий таълим ҳамда камида 2 йиллик ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий этилади;

бакалавриат таълим дастурлари билан интеграциялаштирилган “2+2” дастурлари асосида ўқитишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларида:

ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан ҳамда рақс, театр, халқ ижодиёти, тасвирий ва амалий санъат йўналишларида 9-синфдан бошлаб қабул қилинади;

мактаб-интернатлар учун белгиланган амалдаги нормалар татбиқ этилади, жумладан, мактаб ўқувчиларининг таълим олиш ва яшаш харажатлари тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан, уларни овқатлантириш харажатлари Давлат бюджети ҳамда ота-оналар тўлови маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг битирувчиларига болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биттадан “Маданият меҳмонхонаси” маданий кластери инвестиция лойиҳаси (инвестиция лойиҳаси) амалга оширилади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.