Ўзбекистон

Литва Ўзбекистон ва яна уч давлатда яшаш гувоҳномаларини бериш марказларини ёпади

Литва Ўзбекистон ва яна уч давлатда яшаш гувоҳномаларини бериш марказларини ёпади
Литва Ўзбекистон ва яна уч давлатда яшаш гувоҳномаларини бериш марказларини ёпади / Фото: FB/Martynas Katelynas.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Литва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Босния ва Герцеговинада яшаш учун рухсатномалар бериш билан шуғулланувчи ташқи марказлар фаолиятини тўхтатади. Қарор хавфсизлик ва терроризм билан боғлиқ эҳтимолий таҳдидлар баҳоланиши билан боғлиқ. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Мартинас Кателинас маълум қилди.

Ички ишлар вазири Литва ҳукумати юқорида қайд этилган давлатларда бундай марказлар фаолиятини сақлаб қолиш учун асос кўрмаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, қарор қабул қилишда хавфсизлик соҳасидаги вазият ҳақидаги маълумотлар инобатга олинган.

Кателинас, шунингдек, Литва Давлат хавфсизлиги департаменти мазкур давлатлар фуқаролари орасидан радикал қарашларга амал қилувчи айрим шахсларни аниқлаганини маълум қилди.

«Биз хавф-хатарларнинг ҳодисаларга айланишига йўл қўя олмаймиз», — деб ёзди вазир Facebook’даги саҳифасида.

Литва ҳукумати келтирган маълумотларга кўра, 1 сентябрь ҳолатига мамлакатда 227 минг нафар хорижий фуқаро бўлган. Энг катта гуруҳни Украина фуқаролари ташкил этган — қарийб 80 минг киши. Шунингдек, Литвада 48 минг нафар Беларусь фуқароси, Россия ва Ўзбекистондан 13 минг нафардан фуқаро, 9,4 минг нафар Ҳиндистон фуқароси ҳамда 7,4 минг нафар Тожикистон фуқароси яшаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.