Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

“Lex.uz” қонунчилик ҳужжатлари учун расмий манба мақомини олди

Беҳзод Ҳожиматов · 27.09.2016 · 19:41 · 388 views
“Lex.uz” қонунчилик ҳужжатлари учун расмий манба мақомини олди
“Lex.uz” қонунчилик ҳужжатлари учун расмий манба мақомини олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси – “Lex.uz”га меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этишнинг расмий манбаи мақоми берилди.

Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016-йилнинг 23-сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ушбу қонунни 2016-йил 22-август куни қабул қилган, Олий Мажлси Сенати эса 2016-йил 25-августда маъқуллаган эди.

Қонун “Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунларга тузатиш киритди.

Қонунларга киритилган қўшимчага кўра, Конституция ва Ўзбекистон қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президентнинг буйруқ, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқармаларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, давлат ҳокимиятининг жойлардаги органлари қарорларини чоп этувчи расмий манбалар қаторига Ўзбекистон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳам киритилди.