Молия

«Капиталбанк» 100 млрд сўмлик облигациялар чиқаради

«Капиталбанк» 100 млрд сўмлик облигациялар чиқаради
«Капиталбанк» 100 млрд сўмлик облигациялар чиқаради / Фото: «Капиталбанк».

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Капиталбанк» умумий қиймати 100 миллиард сўм бўлган облигацияларнинг олтинчи чиқарилишини жойлаштиришни режалаштирмоқда. Облигацияларни чиқариш тўғрисидаги қарор банк акциядорларининг 2026 йил 24 сентябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинди.

Бирта облигациянинг номинал қиймати 1 000 сўмни, купон ставкаси эса йиллик 15 фоизни ташкил этади. Қимматли қоғозларнинг муомала муддати икки йил этиб белгиланган, купон даромадлари ҳар чоракда тўлаб борилади.

Облигацияларни чекланмаган доирадаги шахслар ўртасида очиқ обуна орқали жойлаштириш режалаштирилмоқда. Жойлаштириш муддати у бошланган санадан эътиборан 90 календарь кунини ташкил этади.

Бундан ташқари, акциядорлар облигацияларни ёпиқ обуна орқали чиқариш тўғрисида ҳам қарор қабул қилди. Ушбу чиқарилиш ҳажми ҳам 100 миллиард сўмни, муомала муддати эса икки йилни ташкил этади. Мазкур облигациялар бўйича купон тўловлари ҳар ой амалга оширилади.

Шу билан бирга, ёпиқ обуна орқали жойлаштириладиган облигациялар бўйича купон ставкаси Ўзбекистон Марказий банкининг асосий ставкасига 1 фоиз банди қўшилган ҳолда белгиланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.