Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

ЖЧ-2026: Канада Қатарни 6:0 ҳисобида мағлуб этди

UzDaily · 19.06.2026 · 10:35 · 24 views
ЖЧ-2026: Канада Қатарни 6:0 ҳисобида мағлуб этди

ЖЧ-2026: Канада Қатарни 6:0 ҳисобида мағлуб этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувида Канада терма жамоаси Қатар терма жамоаси устидан йирик ғалабага эришди. Канадаликлар майдонида Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтган баҳс мезбонлар фойдасига 6:0 ҳисобида якунланди.

Учрашувнинг асосий қаҳрамони ҳужумчи Жонатан Дэвид бўлди. У 29, 45+3 ва 90+2-дақиқаларда гол уриб, хет-трик қайд этди. Шунингдек, ғолиблар сафида 16-дақиқада ҳисобни очган Кайл Ларин ва 64-дақиқада гол урган Натан Салиба ҳам ажралиб турди. Яна бир голни Қатар футболчиси Муҳаммад ал-Маннаи 75-дақиқада ўз дарвозасига киритиб қўйди.

Учрашув Осиё терма жамоасининг қаттиқ ўйини билан ҳам эътиборга тушди. Қатар баҳсни тўққиз нафар футболчи билан якунлади. Хомам ал-Амин 33-дақиқада, Ассим Модибо эса 53-дақиқада майдондан четлатилди. Охирги ҳолатда футболчи қўпол қоидабузарлик қилиб, Канада ярим ҳимоячиси Исмаэль Конега жиддий оёқ жароҳати етказди. Футболчи майдондан носилкада олиб чиқилди.

Икки турдан кейин Канада терма жамоаси 4 очко билан В гуруҳида турнир жадвалида пешқадамга айланди ва тўплар нисбати бўйича Швейцарияни ортда қолдирди. Босния ва Герцеговина ҳамда Қатар терма жамоалари ҳисобида эса бир очкодан мавжуд.

Гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи учинчи турида 24 июнь куни Канада Швейцарияга қарши майдонга тушади, Қатар эса Босния ва Герцеговина билан куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика томонидан биргаликда қабул қилинмоқда. Турнир тарихида илк бор унда 48 та миллий терма жамоа иштирок этмоқда. Мусобақа 19 июль куни финал баҳси билан якунланади. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.

UzDaily · 👁 24 views · 19.06.2026 · 10:35