Жанубий Кореянинг AHA Co. Фарғонада лойиҳаларни кенгайтирмоқда
Жанубий Кореянинг AHA Co. Фарғонада лойиҳаларни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореянинг AHA Co., Ltd компанияси Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида ахборот технологиялари ва таълим соҳаларида шерик сифатида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни бошлади.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров компания раҳбари Ку Ги До билан учрашиб, мазкур лойиҳаларнинг бориши ҳамда келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашди.
Мулоқот давомида ахборот технологиялари соҳасидаги янги ташаббуслар, таълим йўналишида халқаро грантлар асосида амалга оширишга киришилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
“AHA Co., Ltd” компанияси томонидан Фарғона вилоятида бошланаётган лойиҳалар ҳудуднинг инновацион салоҳиятини ошириш, ёшлар учун замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик асосида бундай лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилди.