Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Жамшид Қўчқоров ва Бо Ли Ўзбекистондаги макроиқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 23:45 · 18 views
Жамшид Қўчқоров ва Бо Ли Ўзбекистондаги макроиқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилишди

Жамшид Қўчқоров ва Бо Ли Ўзбекистондаги макроиқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 июнь куни Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки “Швейцария гуруҳи”нинг навбатдаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори ўринбосари Бо Ли билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов ҳамда масъул идоралар вакиллари ҳам иштирок этди.

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги жорий макроиқтисодий ҳолат, ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатлари, инфлациянинг пасайиши, фискал барқарорликни таъминлаш, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, давлат молиясини бошқариш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, банк тизимини трансформация қилиш ва давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси билан ИВ модда бўйича маслаҳатлашувлар доирасидаги ҳамкорлик, Жамғарма тавсияларининг иқтисодий ҳолатни такомиллаштиришдаги аҳамияти фикр алмашилди.
Бундан ташқари, Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари, мамлакатда хусусий сектор учун яратилаётган имкониятлар, инвестициявий муҳитни яхшилаш, инфратузилма лойиҳаларида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масалалари алоҳида қайд этилди.

Бо Ли Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, кучли институтлар, барқарор фискал сиёсат, ишончли инфратузилма ва инсон капиталига инвестициялар иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсиши учун муҳим омиллар эканини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, хусусий сектор фаоллигини ошириш, давлат харажатлари самарадорлигини таъминлаш, солиқ тизими ва солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш иқтисодиётда қўшимча фискал ресурсларни шакллантириш ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларга йўналтириладиган маблағларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув якунида Халқаро валюта жамғармаси билан конструктив мулоқот ва техник ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.