Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Танзила Нарбаева ва Аҳмад Музани эркин савдо шартномаси ва ҳалол сертификатлаш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 29.06.2026 · 23:57 · 22 views
Танзила Нарбаева ва Аҳмад Музани эркин савдо шартномаси ва ҳалол сертификатлаш масалаларини муҳокама қилишди

Танзила Нарбаева ва Аҳмад Музани эркин савдо шартномаси ва ҳалол сертификатлаш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Индонезия Республикаси Халқ маслаҳат кенгаши Раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Парламентлараро ҳамкорликни янада институционал ривожлантириш масалалари учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, ҳамкорлик бўйича қўшма ҳужжатларни ишлаб чиқиш, парламентлараро форумларни ташкил этиш ҳамда ислом цивилизацияси ва бой меросини ўрганишга бағишланган илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Аҳмад Музани Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, давлатнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати, шунингдек, ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.

Шунингдек, XIV аср охири – XV аср бошларида яшаб ижод қилган самарқандлик буюк даъватчи ва сўфий олим Малик Иброҳим Самарқандийнинг Ява ороли ва умуман Индонезияда ислом динининг кенг тарқалишидаги тарихий хизмати алоҳида эътироф этилди. Қайд этилганидек, мазкур тарихий мерос туфайли Индонезия халқи Ўзбекистонга чуқур ҳурмат ва самимий эҳтиром билан қарайди.

Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва фаол сиёсий мулоқот савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамда парламентлараро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани таъкидланди.

Томонлар эркин савдо тўғрисидаги келишув бўйича музокараларни жадаллаштириш, ҳалол сертификатларини ўзаро тан олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш каби устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш, туризм, айниқса зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, визавий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма маданий-гуманитар лойиҳаларни изчил давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Аҳмад Музани Сенатнинг Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдириб, икки томонлама парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.